15-May - Xalqaro oila kuni




   ОИЛА – МУҚАДДАС ДАРГОҲ 



   Ҳар йили юртимизда 15 май – Халқаро оила куни кенг нишонланади. 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан маънавий-маърифий, маданий тадбирлар, спорт мусобақалари мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда. Ушбу йилда ҳам таълим муассасаларида, маҳаллаларда 15 май – Халқаро оила кунига бағишлаб ўтказилган тадбирларда боболаримиз, момоларимиз, ота-оналарнинг ибратли ҳаёт йўллари, уларнинг оилани янада мустаҳкамлаш, аҳил, тотув яшашдаги ўгитлари, маслаҳатларини ёш оилалар аъзолари, келин-куёвлар, ёшлар диққат билан тингладилар. 
   Шунингдек, ушбу кун арафасида барча шаҳар ва туманларда “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловининг шаҳар, туманлар босқичлари бўлиб ўтди. 
   Бугун, 15 май куни эрталабдан дилрабо куй-қўшиқлар барчани Хоразм вилояти мусиқали драма театрига чорлади. Бу Санъат кошонасида 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан “Фаровон оила сари” шиори остида ўтказилган “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 
Мазкур кўрик-танловнинг шаҳарлар ва туманлар босқичларида ғолиб бўлган қатнашчиларнинг фаолиятлари ҳақида ҳикоя қилувчи маълумотлар билан ҳакамлар ҳайъати аъзолари атрофлича яқиндан танишдилар. Уларда оила муқаддас қўрғон, азиз даргоҳ эканлиги, оиладаги фарзандлар, ўзларининг касб-кори, севимли машғулотлари, оиладаги гўзал анъана ва қадриятларни акс эттирувчи кўплаб видеолавҳалар, суратлар ва бошқа кўргазмали воситалар ўрин олган. Ушбу кўрик-танловнинг вилоят босқичи ғолиблари ва номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. 
“Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросимида қатнашган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Мурод Ачилов барчани 15 май – Халқаро оила куни билан табриклади. 
   Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигора Қутлимуротова бугунги кунда юртимизда оиланинг мустаҳкамлигини таъминлаш, оиладаги ёш-у кексаларга ҳар томонлама кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрликка алоҳида тўхталди. Айниқса, оилалардаги ёшлар таълим муассасаларида чуқур билим олиб, касб-ҳунар эгаллаётганликларини, фан олимпиадаларида, турли ижодиёт фестивалларида, спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришаётганликларини мамнунлик билан таъкидлади.
“Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловининг шаҳар ва туман босқичлари ҳудудларда юксак савияда ўтказилганлигини алоҳида қайд этди. 
 Сўнг ушбу кўрик-танлов вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашнинг тантанали жараёни бошланди. 
Хива шаҳридан Отажоновлар оиласи биринчи ўринни эгаллашди. Оилада ҳунармандчилик, кулолчилик анъанаси муносиб давом эттирилиб, улар томонидан тайёрланган кулолчилик маҳсулотлари нафақат вилоятимиз аҳли балки хорижлик сайёҳлар томонидан ҳам юксак даражада эътироф этилмоқда. Ушбу оила аъзолари томонидан юксак маҳорат билан тайёрланган ранг-баранг кулолчилик маҳсулотлари беихтиёр барчани эътиборини тортади. Уларда оила аъзоларининг юксак истеъдоди, маҳорати, ўз соҳасининг устаси, етук ҳунарманд эканликлари намоён бўлган.
   Кўрик-танловда иккинчи ўринга Қўшкўпир туманидан Отақовлар оиласи, учинчи ўринга эса Хива туманидан Мадримовлар оиласи муносиб, деб топилди. 



   Шунингдек, кўрик-танлов давомида “Тадбиркор оила”, “Моҳир ҳунарманд оила”, “Санъатсевар оила”, “Спортсевар оила”, “Садоқатли оила”, “Маърифатпарвар оила” ва бошқа бир қанча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. 
Ғолибларга ва барча номинациялар бўйича ғолиб бўлган оилаларга сертификатлар, дипломлар ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. 
   Тадбир ёш истеъдод эгалари, таниқли санъаткорлар томонидан тайёрланган мусиқали дастур билан якунланди. 




   Шунингдек, театр фойесида ташкил этилган кўргазмадан қўли гул чеварлар, ҳунармандлар, гиламдўзлар, рассомлар, тадбиркорлар томонидан тайёрланган ранг-баранг маҳсулотлар ўрин олди.

       Отахон РАҲИМ. 
      Муаллиф олган суратлар. 
 

15-05-2023, 17:24
Ko'rishlar: 226
Sahifani chop etish