QADIMIY VA NAVQIRON XIVAGA SAYOHAT : UNUTILMAS TAASSUROTLAR


                               РЕПОРТАЖ

                               МЕДИА-ТУР

 Яқинда эрталаб, автомобилда Хоразм вилоятининг тобора чирой очаётган, турфа ранг-баранг гулларга бурканган кўчаларидаги гулзорларга завқ билан қараб, қадимий ва навқирон Хива шаҳри томон йўл олдик. 
 Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда Хива “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида Хива шаҳрига ташкил этилган медиа-тур матбуот, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун унутилмас тадбирлардан бири бўлди. 
 Автомобилда бизга ҳамроҳлик қилаётган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, устозимиз Абдулла Собиров, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Дилбаржон Бекчановалар ҳам кейинги йилларда вилоятимиз шаҳар ва қишлоқларида улкан бунёдкорликлар, янгиланишлар, ўзгаришлар жадал суръатлар билан амалга оширилаётганлигини мамнунлик билан сўзлаб боришарди.
 Айниқса, кейинги йилларда юртимизда туризм, сайёҳликни янада ривожлантиришга ҳар томонлама эътибор қаратилаётганлиги кундалик ҳаётимизда яққол намоён бўлаётганлигини мамнунлик билан таъкидлашди... 
Мана, юқорида қайд этганимиздек, кенг, равон, асфальт қилинган йўллардан ўтиб, ҳар биримиз учун қадрдон бўлган Хива шаҳрига етиб келдик. Бу муқаддас шаҳарга ҳар сафар келишимиз қалбимизга ҳаяжон, илиқлик, янада завқ бағишлайди. Айниқса, кейинги йилларнинг ўзида ушбу қадимий шаҳар янада чирой очди. Сайёҳлар, меҳмонлар ташрифи кундан-кунга ошиб бормоқда. Шаҳарга ташриф буюраётган сайёҳларга юксак даражада хизмат кўрсатилмоқда. 
Шуниси қувонарлики, жорий йилнинг 12 июль куни Президентимизнинг “Хива – 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти” халқаро тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилинишини вилоятимиз аҳли янада катта хурсандчилик билан кутиб олдилар. Мазкур қарор асосида вилоятимизда кўплаб халқаро миқёсдаги тадбирлар ўтказилади. 
 Хива “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган матбуот анжуманида Президентимиз томонидан қабул қилинган ушбу қарор ижроси вилоятимизда таъминланиб, амалий ишлар бошлаб юборилганлиги алоҳида қайд этилди. 
Матбуот анжуманида Хива “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонаси директори Шокир Мадаминов, тарих фанлари номзоди Комилжон Худойберганов ушбу қарорнинг муҳим аҳамияти, унинг бажарилиши бўйича олиб борилаётган кенг қамровли тайёргарлик ишлари, барча музейлар мунтазам равишда янги экспонатлар билан тўлдириб борилаётганлиги ва бугунги кунда музей ходимларининг кенг қамровли фаолиятларига алоҳида тўхталдилар. 





Таъкидландики, бугунги кунда “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида 58 та тарихий меъморий обида мавжуд. Мазкур музей-қўриқхонасида турли соҳа ва йўналишларга оид 16 та бўлим, 30 та экспозицияда минглаган нодир экспонатлар қадимий шаҳарга ташриф буюрувчиларга намойиш этилмоқда. Музейлар фаолияти йилдан-йилга ҳар томонлама такомиллашиб бормоқда. Жумладан, “Қадимги Хоразм”, “Хоразмшохлар”, Феруз мадрасасида “Ҳукмдор ва шоир” бўлими ва бошқа янги экспозициялар ташкил қилинди. 
Шунингдек, Тошҳовли саройида “Меҳмонхона” интерьери, “Миллий либосларимиз – қадриятларимиз безаги” экспозицияси, машҳур фото ва кино тасвирчи Худойберган Девонов ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи кўргазма, “Хоразм мусиқа тарихи” бўлимида хоразмлик таниқли санъаткорларга бағишланган кўргазмалар ташкил этилди. Айниқса, кейинги йилларда қадимий Хива шаҳрида ўтказилаётган халқаро “Рақс сеҳри”, “Лазги” рақс фестиваллари, “Қовун сайли”, спортнинг кураш, камондан ўқ отиш ва бошқа ўнлаган турлари бўйича мусобақалар кўтаринки рухда бўлиб, сайёҳлар ҳам уларни мароқ билан томоша қилмоқдалар.
Матбуот анжумани давомида “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонасида туризм соҳасини янада ривожлантиришга бағишланган анжуманлар, фестиваллар, тадбирлар ташкил этилаётганлиги аниқ мисоллар асосида қайд этиб ўтилди. 
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Абдулла Собиров, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Дилбаржон Бекчановалар бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида юртимизда туризм, сайёҳликни янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг миқёсдаги фаолият, бу борада келгусидаги вазифалар, ўтказилаётган барча тадбирлар изчил равишда ёритиб борилаётганлигини таъкидлашди. Ушбу мавзуни янада кенг ёритишда журналистика жанрларидан самарали фойдаланиш муҳимлигини қайд этишди. 
- Матбуот анжумани давомида Хива “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонасининг музейларидаги экспонатлар билан янада яқиндан танишдик. Ҳар бир музей ходими экспонатлар ҳақида бизга батафсил маълумотлар беришди. Ўз навбатида биз ўзларимизни қизиқтираётган саволларга ҳам аниқ жавоблар олдик, - дейди журналист Қаҳрамон Эшчонов. -  Келгусида биз журналистлар туризм соҳасидаги мақолаларимизни янада ўқишли, қизиқарли тарзда тайёрлашга ҳаракат қиламиз. Бугунги матбуот анжумани биз журналистларга бу борада янада яқиндан ёрдам беради. 
Матбуот анжумани қатнашчилари Хива “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонасидаги музейларда бўлиб, газеталарнинг навбатдаги сонларига мақолалар ҳамда телекўрсатувларни тайёрлаш жараёни учун муҳим бўлган маълумотларни ён дафтарларига қайд этишди. 
Хива “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонасидаги музейларда бўлганимизда ва аҳоли билан суҳбатлашганимизда улар Президентимизнинг “Хива – 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти” халқаро тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги жорий йилнинг 12 июль куни қабул қилган қарорини катта кўтаринкилик билан кутиб олганликларини ва келгусида ўтказиладиган барча тадбирларга юксак даражада тайёргарлик кўриш ишларини олиб бораётганликларини хурсандчилик билан қайд этишди. 
Ҳа, мазкур қарорга асосан Хива шаҳрининг туристик салоҳиятини халқаро майдонда фаол тарғиб қилиш мақсадида 2023-2024 йилларда “Taste of Uzbekistan Festival” шиори остида гастрономик фестивали ва “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар, шунингдек, бошқа кўплаб анжуманлар, фестиваллар ўтказилади.




Биз, журналистлар Хива “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонасига саёҳатимиз давомида хорижлик сайёҳлар, меҳмонлар, турли касб эгалари билан суҳбатлашдик. Айниқса, ота-боболаримизнинг, момоларимизнинг ҳунармандчилик, кулолчилик, наққошлик, каштачилик анъаналарини муносиб давом эттираётган қўли гул усталар билан самимий мулоқот қилиб, уларнинг иш жараёнлари билан танишдик. 
Ҳа, қадимий ва навқирон Хива шаҳри ҳақида мақолалар тайёрлаш ҳар биримизга илҳом ва завқ бағишлайди. 

     Отахон РАҲИМ.



26-07-2023, 17:46
Ko'rishlar: 119
Sahifani chop etish