BOLAJONLAR YAYRAB-QUVNAB DAM OLMOQDALAR



· Бугун “Келажак эгалари”  болалар оромгоҳида.  


· Ўқувчиларнинг ёзги таътил кунлари мароқли ўтаяпти. 


· Янги истеъдодлар кашф этилмоқда. 

 Воҳамизда ўқувчи-ёшларнинг ёзги таътил кунлари мароқли ўтмоқда. Айниқса, вилоят ҳокимлигининг доимий эътибори натижасида оромгоҳларда барча шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, Янгибозор туманидаги Бўзқалъа қишлоғида жойлашган “Келажак эгалари” болалар оромгоҳида ўғил-қизларимиз,  келажагимиз эгалари мазмунли дам олиб, соғлиқларини янада мустаҳкамламоқдалар. Ушбу болалар оромгоҳи мазкур қишлоқнинг соя-салқин, сўлим, баҳаво ҳудудида жойлашган бўлиб, ўғил-қизлар яйраб-қувнаб дам олмоқдалар. 
 Кеча, эрталаб биз, оммавий ахборот воситалари вакиллари ушбу оромгоҳда бўлганимизда болаларнинг турли тўгаракларда фаол қатнашиб, ўз истеъдодларини янада кенг намоён қилаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Оромгоҳда “Беш муҳим ташаббус” доирасида ташкил қилинган IT ва робототехника, мусиқа, тасвирий санъат, спортнинг стол тенниси, шахмат, шашка, бадминтон, мини-футбол турлари бўйича ва бошқа қатор тўгаракларда болалар катта қизиқиш билан шуғулланмоқдалар. 
Тасвирий санъат тўгараги қатнашчиси Бунёдбек Каримов билан суҳбатлашганимизда, у оромгоҳда мароқли хордиқ чиқараётганлигини, гўзал табиат манзараларини, турфа гуллар расмларини чизаётганлигини қайд этди. 



Айниқса, оромгоҳда ўтказилаётган спорт турлари бўйича мусобақаларда барча ўғил-қизлар фаол қатнашаяптилар. Мана, шахмат, шашка ўйнаётган болажонларнинг ҳаракатини кузатар эканман, уларнинг зукколигига,  қобилиятига қойил қолдим. Улар келгусида шахмат, шашка бўйича мусобақаларда фаол қатнашишга ҳозирданоқ тайёргарлик кўришаётганлигини билдиришди. Бундан янада хурсанд бўлдим. Ҳа, шу ернинг ўзида янги истеъдод эгалари кашф этилаяпти.  
Ҳурматбек Нураддинов эса бокс спорт турига қизиқар экан. Унинг орзуси келгусида бокс бўйича моҳир спортчи бўлиб етишишдир. 
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, оромгоҳда дам олаётган  ўқувчилар футбол, баскетбол, волейбол спорт турларига ҳам қизиқишлари катталигини билдириб, келгусида ушбу спорт турлари бўйича ўтказиладиган мусобақаларда ҳам фаол қатнашиш учун тайёргарлик кўраётганликларини мамнунлик билан айтиб ўтдилар. 
Шовот туманидан келиб, оромгоҳда дам олаётган Наргиза Фарходова, қўшкўпирлик Севинч Қуронбоевалар бу ердаги кутубхонадан ўзлари учун севимли бўлган шоир ва ёзувчиларнинг китобларини танлаб олиб, мутолаа қилаётганлигини қайд этишди. 
- Ўқувчиларнинг оромгоҳдаги ҳар бир куни мароқли, қизиқарли ўтиши учун астойдил ҳаракат қилмоқдамиз, - дейди “Келажак эгалари” болалар оромгоҳининг раҳбари Нафиса Абдиримова. – Кутубхонамизда 300 дан зиёд китоблар бўлиб, болалар уларни танлаб олиб, катта қизиқиш билан мутолаа қилмоқдалар. Шоирлар, ёзувчилар, санъаткорлар билан учрашувлар ташкил этилаяпти. Оромгоҳимизда ушбу мавсумда 280 нафар бола дам олиши режалаштирилган. Ва бугунги кунда оромгоҳимизда тўртинчи навбатдаги- “сменада” ўғил-қизлар дам олмоқда.
 Ҳа, оромгоҳда бўлар эканмиз, бу ерда болаларнинг ёзги таътил кунлари мазмунли ўтиши учун барча шароитлар яратилганлигини ҳар лаҳзада ҳис қилиш, кўриш мумкин. 
 Оромгоҳда шифокор Гулшода Матёқубова ҳар куни тарбияланувчиларнинг соғлигига алоҳида эътибор қаратаяпти. Спорт мураббийси Райҳон Бекберганова, оромгоҳ етакчиси Гулбегим Озодовалар белгиланган режалар асосида тадбирларни юксак даражада ташкил этиш учун доимо ижодий изланиб, фаолият юритмоқдалар. 
 Оромгоҳда дам олаётган болалар билан суҳбатлашар эканмиз, улар қадимий Хива шаҳрига, музейларга қилган саёҳатлари уларда чуқур таассуротлар қолдирганлигини севинч билан сўзлаб беришди. 
 Шунингдек, ўқувчилар оромгоҳда дам олган кунларида ўз иқтидорларини янада кенг рўёбга чиқаришларида ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар алоҳида аҳамият касб этаётганлигини қайд этишди. Айниқса, улар ушбу оромгоҳда кўплаб янги дўстлар орттирганликларини, мириқиб дам олаётганликларини мамнунлик билан таъкидлашди.
Ҳа, “Келажак эгалари” болалар оромгоҳида келажагимиз эгалари бўлган ўғил-қизларимиз мароқли дам олмоқдалар. Ёзнинг ушбу жазирамали кунларида Бўзқалъа қишлоғининг кўм-кўк дарахтлар билан бурканган сўлим гўшасида жойлашган оромгоҳ соя-салқин, файзли ва гўзалдир. Воҳамиз ёшларининг ёзги таътил кунлари юксак даражада мазмунли ташкил этилмоқда. 

       Отахон РАҲИМ.




27-07-2023, 09:59
Ko'rishlar: 115
Sahifani chop etish