QADIMIY VA NAVQIRON XIVA SHAHRIDA 12-13-AVGUST KUNLARI O'TKAZILADIGAN ''QOVUN SAYLI'' FESTIVALIGA QIZG'IN TARADDUD KO'RILMOQDA

“Қовун сайли” фестивалига тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда Боғот туманидаги “Боғот” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Шарифбой ака Ражабов билан суҳбатлашар эканмиз, уста деҳқон воҳамизда анъанавий тарзда ўтказилаётган “Қовун сайли” фестивали тадбирларида доимий равишда фаол қатнашиб келаётганлигини ва миришкор деҳқонлар, соҳибкорларнинг фидойи меҳнати билан ҳар йили ширин-шакар полиз маҳсулотлари, қовун-тарвузлар етиштирилаётганлигини алоҳида қайд этди.
- Вилоятимизда қишлоқ хўжалиги тармоқлари йил сайин янада ривожланмоқда. Шу жумладан, воҳамизда қовунчилик соҳасида ҳам қувонарли натижалар қўлга киритилаяпти. Далаларда мазаси “тилни ёрадиган” ҳар хил навдаги қовунлар етиштирилмоқда. Деҳқонлар ва соҳа мутахассислари, олимлар томонидан қовунларнинг унутилаётган навларини қайта тиклаш ва янги навларини яратиш, кўпайтириш устида мунтазам равишда иш олиб борилаяпти. “Қовун сайли” фестивалида ҳам деҳқонларимиз ўзлари етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан доимо фаол қатнашадилар. Фестиваль деҳқонларнинг полиз маҳсулотлари, шунингдек, меваларни етиштиришдаги юксак тажрибасини, маҳоратини яна бир бора намойиш этади, - дейди Шарифбой ака Ражабов. – Қадимдан воҳамизда ширин-шакар қовунлар етиштирилган. Бугунги кунда қовунчиликка бўлган эътибор янада ошди. Буни ҳамкасбларимиз билан ўзаро тажриба алмашган пайтимизда янада яққол ҳис қилмоқдамиз. “Қовун сайли” фестивали бу - соҳибкорларнинг ўзаро тажриба алмашишида, келгусида бу борадаги фаолиятларини янада ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этади.
“Қовун сайли” фестивалида уста деҳқонлар, шунингдек, ўзбек миллий таомларини маҳорат билан тайёрлайдиган ошпазлар ҳам иштирок этадилар. Жумладан, мен яқинда Хива шаҳрида бўлганимда “Мирзабоши” оилавий корхонаси раҳбари Зайнабжон опа Абдуллаева билан суҳбатлашганимда улар ҳам жамоаси аъзолари билан биргаликда “Қовун сайли” фестивали тадбирларига пухта тайёргарлик кўраётганлигини қайд этди.
- Биз ушбу тадбирда тайёрлаган миллий таомларимиз билан иштирок этамиз. Чунки қадимий Хивамизга ташриф буюраётган меҳмонлар, сайёҳлар миллий таомларимизнинг тайёрланиш жараёни ва улар ҳақида маълумотлар олишга жуда қизиқадилар, - дейди Зайнабжон Абдуллаева. – Мен билан бирга ҳамкасбларим Муқаддасхон, Хамидахон ҳам “Қовун сайли” фестивалида ўзлари тайёрлаган миллий таомлар билан қатнашадилар.
“Қовун сайли” фестивали тадбирлари ниҳоятда ранг баранг бўлиб, уларда ёш истеъдод эгалари, таниқли ҳофизлар, санъаткорлар, театр актёрлари иштирок этади. Фольклор-этнографик ансамблларининг аъзолари, кўпгина ёшлар ўз иқтидорларини, маҳоратларини янада кенг намоён қиладилар.
Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Ғофуржон Эшжонов билан суҳбатлашар эканман, “Хоразм” намунавий мақом ансамбли қатнашчилари ҳам “Қовун сайли” фестивалининг мусиқали тадбирларига ҳар томонлама тайёргарлик кўришаётганлигини қайд этди.
- Ушбу фестивалда ўзимизнинг мумтоз қўшиқларимиз, шунингдек, қувноқ яллаларимиз билан иштирок этамиз. Ҳамиша санъаткорлар қўшиқларида, яллаларида серқуёш диёримизда етиштирилаётган ширин-шакар мевалар, қовунлар фахр билан куйланиб, деҳқонларимизнинг фидойи меҳнатлари эътироф қилиниб, тараннум этилади. Шу кунларда ушбу тадбирга ансамблимиз аъзолари қизғин тайёргарлик кўришмоқда, - дейди Ғофуржон Эшжонов.
Ҳа, “Қовун сайли” фестивали давомида ушбу ансамблнинг Одилбек Собиров, Алишер Асқаров, Имсиной Раҳимова, Гулором Кенжаева сингари хушовоз хонандалари ҳам ўз қўшиқларини тадбир қатнашчиларига ҳавола этадилар. Шунингдек, фестиваль иштирокчилари Ферузбек Отаниёзовнинг “Сурнай наволари”дан баҳраманд бўладилар.
Ҳозиргина таҳририятимизга Шовот тумани маданият бўлими мудири Ширинжон Жуманиёзова қўнғироқ қилиб, 12-13 август кунлари Хива шаҳрида ўтказиладиган “Қовун сайли” фестивали тадбирларига катта хурсандчилик билан тайёргарлик кўришаётганлигини қайд этди.
- “Қовун сайли” фестивалини ҳар сафар катта хурсандчилик билан кутиб оламиз. Бу йилги тайёрлаган дастуримиз ниҳоятда қизиқарли. Масалан, қовунни экиш, парвариш қилиш ва ҳосилни йиғиб олиб, “чартакка” қўйиш “жараёнлари” ҳам санъаткорларимиз томонидан мусиқали дастурлар, қўшиқлар орқали ифода этилади ва саҳна кўринишлари билан кўрсатиб берилади, - дейди Ширинжон Жуманиёзова. – Айни пайтда “Наврўз”, “Авазхон” фольклор-этнографик ансамбллари қатнашчилари юксак масъулиятни ҳис қилган ҳолда ушбу фестивалга тайёргарлик кўришаяпти. “Моноқ масхарабозлари” халқ ансамбли аъзоларининг ҳам тайёргарлиги авжида.
Шовотлик санъаткорлардан Шерали Жумабоев, Қуронбой Садуллаев, Озод Собиров, Оғабек Отахонов, Мадамин Жабборовлар қовунларимизнинг довруғи, гурвак, “оқ новвот”ларни ёш-у кекса севиб истеъмол қилишларини қўшиқлари орқали куйлашади. Раққоса Нигора Абдолова ҳам “Рақслар гулдастаси”ни тайёрламоқда.
Ҳозиргина таниқли режиссёр, машҳур қўғирчоқсоз уста, Хонқа тумани маданият бўлими ҳузуридаги “Жайхун” халқ қўғирчоқ театри раҳбари Мансурбек Қурёзов билан телефон орқали суҳбатлашганимизда “Қовун сайли” фестивали тадбирларида ўзи ва турмуш ўртоғи Гулшода Қурёзова томонидан тайёрланган 50 га яқин қўғирчоқлари билан иштирок этишга ҳозирлик кўришаётганликларини қайд этди. Шунингдек, “Дойи, жиян”, деб номланган саҳна кўринишини ҳам тайёрлаганликларини, ушбу театрлашган мусиқали дастур албатта, тадбир қатнашчиларига манзур бўлишини билдирди.
Ҳа, айни кунларда вилоятимизда 12-13 август кунлари қадимий ва навқирон Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган “Қовун сайли” фестивалига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Юқорида қайд этганимиздек, “Қовун сайли” фестивали тадбирлари дастури ранг барангдир. “Қовун сайли” фестивалида қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилади. Мусаввирлар, рассомлар тасвирий санъат асарлари билан қатнашадилар. Миллий таомлар тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказилади. Миллий либослар кўргазмаси ҳам барчага манзур бўлади.
Шунингдек, “Қовун сайли” фестивалида Республикамизнинг таниқли санъат усталари ва эстрада хонандалари ҳам ўзларининг мусиқали дастурлари билан иштирок этадилар.
Ҳурматли юртдошлар, Сизларни 12-13 август кунлари Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган анъанавий “Қовун сайли” фестивалига таклиф этамиз.
Отахон РАҲИМ.