''BIR NURONIY O'N YOSHGA MAS'UL''

Вилоятимизда “Бир нуроний ўн ёшга масъул” танловининг шаҳар, туман босқичлари кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Юртимизда кекса авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг соғлигини мустаҳкамлаш, бўш вақтларини, дам олиш соатларини мазмунли ўтказиш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини янада ошириш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Президентимизнинг 2023 йил 11 мартда қабул қилган “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси вилоятимизда изчил равишда таъминланмоқда. Мазкур қарорда “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойилига мувофиқ ёшлар ҳар бир маҳалладаги ҳаётий тажрибага эга бўлган фаол нуронийларга бириктирилиши қайд этилган. Айни пайтда вилоятимиздаги барча маҳаллаларда нуронийларнинг ёшлар билан ҳамкорликдаги фаолияти самарали йўлга қўйилган. Нуронийларимизнинг кўп йиллик фидойи меҳнатлари ҳамиша алоҳида эътироф этилиб, отахон ва онахонларимиз доимо эъзозда. Бугунги кунда кекса авлод вакиллари ёшларни ҳар томонлама баркамол вояга етказишда ўзларининг меҳнат фаолияти, ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда ўғил-қизларга доимо маслаҳатларини, тавсияларини бериб бормоқдалар. Бу эса ўзининг ижобий самарасини бераяпти. Нуроний отахон ва онахонларнинг ибратли ҳаёт йўлларидан сабоқ олган ёшлар чуқур билим эгаллашга, касб-ҳунар ўрганишга, қобилиятларини янада кенг намоён этишга астойдил интилмоқдалар. Ёшларнинг ютуқларидан эса отахон ва онахонларимиз янада хурсанд бўлмоқдалар.
Вилоятимизда бўлиб ўтган “Бир нуроний ўн ёшга масъул” танловининг шаҳар ва туманлар босқичларида иштирок қилган отахон ва онахонларимиз ўзларининг маҳаллаларида ёшлар билан ҳамкорликда олиб бораётган ибратли ишлари, ёшларнинг ютуқлари ва келгусидаги режалари ҳақида аниқ мисоллар асосида сўзлаб бердилар. Жумладан, Урганч шаҳрида бўлиб ўтган “Бир нуроний ўн ёшга масъул” танловининг шаҳар босқичида қатнашган нуронийлар ўзларининг кенг қиррали фаолиятига алоҳида тўхталдилар.
- Танловнинг шаҳар босқичида иштирок қилган нуронийлар ушбу тадбирга пухта тайёргарлик билан келишди. Улар маҳалла фуқаролар йиғинларида ёшлар билан ишлаш борасида олиб борилаётган кенг қамровли фаолият, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, ёшларнинг истеъдодини қўллаб-қувватлаш каби эзгу ишлар ҳақида аниқ мисоллар асосида сўзлаб беришди, -дейди “Нуроний” жамғармаси Урганч шаҳар бўлими раиси Отаназар Абдуллаев. – Шуниси қувонарлики, ушбу танлов жараёнида нуронийларимиз ўзларининг чуқур билимларини, ҳаётий тажрибаларини намоён этишди. Шунингдек, улар санъат йўналишида ҳам ўзига хос маҳорат, иқтидор эгаси эканликларини шеърлари ва қўшиқлари орқали ифода қилишди.
Ҳа, танлов иштирокчилари ўзларининг маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятидаги фаоллигини, ёшларнинг меҳрибон мураббийси сифатидаги фидойилигини ҳам намоён этишди. Мазкур танлов ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳар бир қатнашчининг фаолиятини яқиндан ўрганишди. Ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг қарорига асосан Урганч шаҳридаги “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинидан Санобар Нурметова танловнинг шаҳар босқичида биринчи ўринни эгаллади. Ва унга биринчи даражали диплом ва пул мукофоти топширилди.
Шунингдек, Гурлан туманида ҳам “Бир нуроний ўн ёшга масъул” танловининг туман босқичи бўлиб ўтди. Танловга пухта тайёргарлик кўрган нуронийлар белгиланган саволларга тез ва аниқ жавоб беришга ҳаракат қилдилар.
“Нуроний” жамғармаси Гурлан тумани бўлими раиси Комилжон Ўрозметовнинг қайд этишича, танловнинг туман босқичи кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
- Танловга нафақат унинг иштирокчилари балки, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар ҳам ташриф буюрдилар. Айниқса, онахонлар, уй бекалари ҳам тадбирга қизиқиш билан келишди, - дейди Комилжон Ўрозметов. – Чиройли, ранг баранг гуллар даврага янада файз бағишлади. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳар бир қатнашчининг фаолиятини мукаммал ўрганиб, ғолибларни аниқлашди.
“Бир нуроний ўн ёшга масъул” танловининг Гурлан тумани босқичида биринчи ўринни “Мададкор” маҳалласидан Эгамберган Исмоилов эгаллади. Ғолибга биринчи даражали диплом ва пул мукофоти топширилди.
Шунингдек, танловнинг шаҳар ва туманлар босқичларида иккинчи, учинчи ўринни эгаллаган қатнашчиларга ҳам дипломлар ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Отахон РАҲИМ.