E'TIROF VA ISHONCH - IJODKORGA YANADA SERQIRRA, SERMAHSUL IJOD QILISHGA RAG'BATDIR

Юртимиз ижтимоий-иқтисодий соҳаларида, барча жабҳаларида ислоҳотлар изчил равишда амалга оширилмоқда. Бунёдкорликлар, янгиланишлар, ўзгаришлар, ободонлаштириш ишлари ҳар лаҳзада ёрқин намоён бўлмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз кун сайин чирой очиб, гўзал қиёфа касб этаяпти. Замонавий меъморсозлик лойиҳалари асосида янгидан турар жойлар, ижтимоий объектлар, саноат корхоналари, спорт мажмуалари, маданият саройларининг кўркам, муҳташам бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилаяпти. Тадбиркорлик янада ривожланиб, ишбилармонлар сафи кенгаймоқда. Улар учун кенг имкониятлар яратилиб, турли имтиёзлар берилаяпти. Қишлоқ хўжалиги тармоқларида, таълим, тиббиёт, спорт, санъат, маданият ва бошқа барча соҳаларда ҳам қалбларга қувонч бағишлайдиган ютуқлар қўлга киритилаяпти. Юртимиздаги ана шундай эзгу ишларни, қувонарли натижаларни, замондошларимизнинг фидойи меҳнат қилиб, эришаётган ютуқларини оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижодкорлар ўзларининг ижодлари орқали кенг ёритмоқдалар. Ижодкорлар доимо изланиб, ўз маҳоратларини оширмоқдалар ва газеталарда, радио ва телевидениеда жонажон Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган ана шундай улуғвор янгиланишларни, ўзгаришларни, бунёдкорликларни, яратувчиликларни, турли касб эгаларининг қўлга киритаётган муваффақиятларини журналистиканинг турли жанрлари – лавҳалар, репортажлар, публицистик мақолалар, очерклар, хабарлар орқали халқимизга етказиб келмоқдалар.
Шу кунларда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамини муносиб ютуқлар билан кутиб олиш учун қизғин тараддуд кўрилмоқда. “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда эришилаётган улкан ютуқлар, ўсиш-ўзгаришлар фахр-ифтихор билан қайд этилмоқда. Ана шундай улуғ айёмга тайёргарлик арафасида ижодкорлар янада ижодий изланиб, кўтаринки руҳда фаолият юритмоқдалар.
Кеча эрталаб Урганч шаҳридаги “Ёшлар маркази”га оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижодкорлар, мусаввирлар, фахрий журналистлар, кенг жамоатчилик вакиллари ташриф буюрдилар. Бу ерда “Энг улуғ, энг азиз” Республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Ўткирбек Матқурбонов, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Дилбаржон Бекчанова ва бошқалар сўзга чиқиб, бугунги кунда вилоятимиз оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар, ижодкорлар янада самарали фаолият юритиб, юртимизда амалга ошрилаётган улкан ўзгаришларни, янгиланишларни кенг ёритаётганликларини алоҳида қайд этдилар. “Энг улуғ, энг азиз” Республика кўрик-танлови вилоят босқичига ижодкорлар тақдим этган материаллар ниҳоятда серқирра бўлиб, уларда ҳар бир қалам аҳлининг юксак маҳорати намоён бўлганлиги мамнунлик билан таъкидланди. Ушбу танловга тақдим қилинган ҳар бир қатнашчининг ижодий ишлари билан ҳакамлар ҳайъати аъзолари атрофлича, яқиндан танишиб чиқдилар.

Танловнинг вилоят босқичидаги “Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари” йўналиши бўйича биринчи ўринга “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Солияжон Раҳимберганова, “Телевидение ижодкорларининг материаллари” йўналиши бўйича биринчи ўринга “Хоразм” вилоят телерадиокомпанияси муҳаррири Шаҳноза Қаландарова ва “Радио ижодкорларининг материаллари” йўналиши бўйича биринчи ўринга “Хоразм” вилоят телерадиокомпанияси муҳаррири Суҳбат Маткаримов сазовор бўлдилар. Шунингдек, Урганч шаҳар “Ишга марҳамат” мономаркази матбуот хизмати ходими Мавжуда Собирбоева танловнинг вилоят босқичида “Интернет журналистика” йўналиши бўйича биринчи ўринга эга бўлди.
Шунингдек, публицистик жанрдаги китоблар, ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари, тасвирий санъат ишлари йўналишлари бўйича ҳам танловнинг вилоят босқичи ғолиблари ва совриндорлари аниқланди.

- Биз ёш журналистлар доимо ижодий изланиб, устозларимиздан ўрганиб, янада самарали фаолият юритишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бугунги кунда вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида, маҳаллаларида бўлиб, турли мавзуларда телекўрсатувлар, репортажлар тайёрламоқдаман. Ҳар бир кўрсатувни тайёрлашга масъулият билан ёндашаман, - дейди Шаҳноза Қаландарова. – Биз ёшларнинг ижодимиз доимо қўллаб-қувватланмоқда. Бугунги танловнинг вилоят босқичида тележурналистика йўналиши бўйича тайёрлаган материалларим биринчи ўринга сазовор бўлди. Бундай эътироф, ишончдан қалбим қувончга тўлмоқда. Устозлардан ибрат олиб, янада сермаҳсул ижод қилишга ҳаракат қиламан.

Тадбир давомида барча йўналишлар бўйича ғолиб ва совриндор бўлганларга диплом ва совғалар топширилди.
Отахон РАҲИМ.
Муаллиф олган суратлар.