ISTE'DODLARGA KENG IMKONIYATLAR

ШОВОТЛИК ЁШ ИЖОДКОР АСАДБЕКНИНГ ҚУВОНЧИ ЯНАДА ЧЕКСИЗ
Ҳа, куни кеча таҳририятимизга шовотлик ёш истеъдод эгаси Асадбек Юсуфбоев қувонч билан кириб келди. Чунки унинг “Келажак сари йўл” деб номланган янги китоби нашрдан чиқиб, унда унинг янги шеърлари, ҳикоялари ўрин олган.
Асадбек 2002 йил 7 апрелда Шовот туманининг “Қирғоқбўйи” маҳалласида туғилган. 2020 йилда тумандаги 51-сон умумтаълим мактабини тамомлаган.
Шеър ва мақолари туман, вилоят, Республика босма нашрларида чоп қилинган. 2019 йил унинг “Бахтли болалик” деб номланган китоби нашр қилинган эди. Асадбек “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти ҳузуридаги “Ёш мухбирлар маҳорат мактаби”нинг фаол тингловчиларидан. У таҳририятнинг устоз журналистларидан, ижодкорларидан доимо маслаҳатлар олиб, бугунги кунда самарали ижод қилмоқда.
Қуйида ёш ижодкорнинг “Келажак сари йўл” номли китобидан ўрин олган шеъри билан танишасиз.
БАҲОР
Ассалом, сен гўзал фаслимсан, баҳор,
Гўё дилларга нур сочган наҳор,
Кўнгиллар булоғин тоширган анҳор,
Юртимга хуш келдинг, азизим баҳор!
Чечаклар ниш уриб, чиқар далада,
Қалдирғоч чуғурлаб сайрар панада.
Сумалак пиқирлаб, қозонда ана,
Барчаси сен билан мужассам яна.
Тонг-саҳардан ишлар бошланди.
Далада деҳқонлар илк уруғ қадар.
Шоирга илҳомлар хўп тошиб келар,
Келишингни маҳтал кутармиз, баҳор!
Болалар – ҳайратда, кексалар – хурсанд,
Сен билан ёришар қуёш ҳам хушбахт.
Баҳорни севинчи қалблар орзуманд,
Юртимга хуш келдинг, гуллаган баҳор!
Байрамлар байрамга уланиб кетди,
Кўнгилга баҳорнинг навоси етди,
Кексалар дуода шукурона айтди,
Юртимга хуш келдинг, азизим баҳор!
Асадбек ЮСУФБОЕВ,
Шовот тумани.