AN’ANALAR DAVOM ETADI :
Миллий либослар кўргазмаси барчада чуқур таассурот қолдирди.
Ёшлар учун маҳорат дарслари ўтказилди.
Ҳунармандчилик маҳсулотлари сайёҳларга ҳам манзур бўлмоқда.
Навбаҳорнинг ушбу тароватли, фусункор кунларида атлас, адрас матолардан чиройли қилиб тайёрланган миллий либосларни кийиб олган қиз-жувонларнинг сумалаклар тайёрланаётган дошқозонлар атрофида ҳамда “Ассалом, Наврўз”, “Наврўзи оламни тараннум этамиз” каби мусиқали дастурларда, кўплаб тадбирларда иштирок этиб, шеърлар, қўшиқлар, яллалар, лапарлар айтиб, давраларга янада қувонч, шодлик бағишлаётганлигини кўриб, баҳри дилингиз яйрайди ва қувнайди.

Ана шу дақиқаларда адрас, атлас матоларидан миллий либосларни тайёрлаган қўли гул чеварларнинг юксак маҳоратига яна бир маротоба тасаннолар айтасиз.
Яқинда “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши ҳамда “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази Хоразм вилоят бўлими томонидан “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонасидаги “Ҳунармандлар маркази”да ўтказилган “Миллий маҳсулотлар” кўргазмасида ана шундай гўзал миллий либосларни тайёрлаётган чеварлар, ҳунармандлар иштирок этишди.
Хоразмлик чеварлар томонидан тайёрланган миллий либослар ва ҳунармандларнинг бетакрор ижодлари ўрин олган ушбу кўргазмадаги маҳсулотлар билан ёшлар янада яқиндан танишдилар.
- Шу ернинг ўзида уста ҳунармандлар, чеварлар томонидан ёшлар учун маҳорат дарслари ўтказилди. Шуниси қувонарлики, ёшларнинг бундай миллий либослар ва ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлашга қизиқишлари алоҳида бўлиб, улар ўзларининг ён дафтарларига устозларнинг зарур маслаҳатларини ҳам қайд қилиб боришди, - дейди “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази Хоразм вилоят бўлими раҳбари Марямжон Аминова.

Тадбирда иштирок қилган “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Ш. Тангриберганова, мазкур партия вилоят Кенгашининг “Аёллар қаноти” мутахассиси М.Бобожоновалар Наврўз айёми тадбирлари давом этаётган ушбу кунларда ижодкорлар, санъаткорлар шеър ва қўшиқларида ҳам миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизни, эзгу амалларни тараннум этаётганликларини алоҳида қайд этишди.

Тадбир доирасида миллий либослар ва ҳунармандлар тайёрлаган маҳсулотларнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Тадбирда фаол иштирок қилган ҳунармандларга, ёшларга “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгашининг ташаккурномалари топширилди.
Отахон РАҲИМ.