IS'TEDODLI YOSH SPORTCHI QIZLAR SAFI KENGAYMOQDA
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 ноябрдаги “Спорт таълими тизимини тубдан такомиллаштириш орқали олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчилар захирасини шакллантириш сифатини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Урганч олимпия ва паралимпия захиралари коллежида ҳам спорт-таълим йўналишларидаги фаолият шу кун талаблари асосида ташкил қилиниб, ўқувчиларнинг спортга бўлган қизиқиш ва интилишлари тобора ошиб бормоқда. Ўқув муассасасида доимий равишда ташкил этилаётган спорт мусобақаларида, тадбирларда ўқувчилар фаол иштирок қилмоқдалар.
Айниқса, спортнинг барча турлари бўйича қизларнинг фаоллиги ошиб бормоқда. Ва улар спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришмоқдалар.

Урганч олимпия ва паралимпия захиралари коллежининг услубчиси Шукурберди Рўзиматовнинг таъкидлашича, воҳада аёллар спортини ривожлантириш, ёш, қобилиятли спортчиларнинг иқтидорларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг миқёсда амалий ишлар олиб борилаяпти.
- Жумладан, хотин-қизлар спортини янада ривожлантириш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан ўқув муассасамиз ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, - дейди Ш.Рўзиматов. – Бу эса коллежимиз моддий-техника базасини янада мустаҳкамлашда, спорт тадбирларини юксак савияда ташкил этишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Айни кунларда коллежимизда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан истеъдодли қизлар иштирокида спорт мусобақалари ҳамда кўрик-танловлар ташкил этилмоқда. Яқинда вилоятимизнинг бир гуруҳ фаол аёллари, фахрий онахонлар коллежимизда бўлиб, ёш спортчилар билан учрашиб, қизларнинг эришаётган ютуқларидан қалблари фахр-ифтихорга тўлаётганлигини қайд этишди. Спортчи қизлар эса ўзларининг келгусидаги режалари ҳақида сўзлаб беришди.
Ҳа, бугунги кунда мазкур коллежнинг Меҳринисо Қутлимуродова, Шахзода Жалолбекова, Мадина Салаева ва бошқа кўпгина иқтидорли қизлари спортнинг бир қанча турлари бўйича Республика, вилоят мусобақаларида қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллашмоқда. Айни кунда кўпгина спортчи қизлар навбатдаги спорт баҳсларига пухта тайёргарлик кўришмоқда.

Шуниси қувонарлики, эндиликда коллеж қизлари ўртасида чим устида хоккей спорт тури ҳам янада ривожланиб, спортчи қизлар ўзларининг қобилиятларини намоён этмоқдалар.
Иқтидорли ёш спортчилар сафи тобора кенгайиб бораётир.
Отахон РАҲИМ.