ТАДБИРКОРЛИК ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИЛАДИ, ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ ЯРАТИЛАДИ
Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларининг иш кунларидан
Маҳалладаги ҳар бир хонадонда бўлиб, фуқаролар билан суҳбатлашилмоқда.
Муаммолар тезкорлик билан ҳал этилаяпти.

Шу кунларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича шаҳар ва туман ҳокимларининг маҳаллалардаги ёрдамчилари маҳаллалар фуқаролар йиғинларида ўз фаолиятларини олиб бормоқдалар.
Урганч шаҳридаги “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинининг биноси Соҳил кўчаси 1-уйда жойлашган. Бу ерга кириб борганимизда Урганч шаҳар ҳокимининг ушбу маҳалладаги тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ёрдамчиси Икром Йўлдошевни кун давомида ушбу ҳудуддаги қатор хонадонларда бўлиб, фуқаролар билан суҳбатлашган жараёнда билдирилган таклифлар, фикр-мулоҳазаларни жамлаб, кўпдан ҳукм суриб келаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирларни белгилаётган пайтда учратдик.
Соат 17:00 дан ошган. Маҳаллада фаоллар билан биргаликда иш қизғин давом этарди. Ҳоким ёрдамчиси бажариладиган ишлар бўйича “йўл харитаси”ни белгилади ва ана шулар асосида тезкорлик билан иш юритишни фаолияти асоси қилиб олди.
- Энг аввало, фаолиятимни маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни хонадонбай ўрганишдан бошладим. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва ишсиз аҳолининг ёшлар ва хотин-қизларнинг қизиқишларини ўрганмоқдаман. Ана шу ўрганишлар орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтириш ҳамда битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга кўмак бериш режаларини ишлаб чиқдим, - дейди Икром Йўлдошев. – Маҳаллада тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар катта кўпчиликни ташкил этмоқда. Шу сабабли тадбиркорликни бошламоқчи бўлганлар билан яқиндан суҳбатлашдим. Айниқса, улар банкдан кредит олишда ва зарур воситалар билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатилишини таклиф қилмоқдалар. Масалан, Шарқ кўчасида истиқомат қилаётган Саид Саидов музқаймоқлар учун қути-махсус идишлар тайёрлаш билан шуғулланар экан.
Эндиликда, у ўз уйида имконияти мавжудлиги сабабли нон тайёрлаш мини-цехини ўрнатиб, бир неча турдаги нонларни ишлаб чиқариш режаси борлигини айтди. Бугун мен ана шу таклифни тегишли мутасадди ташкилотларга етказдим.
Шунингдек, Баҳром Давлетов хонадонида бўлганимизда ҳам оилавий корхонаси фаолиятини кенгайтириш ниятида эканлигини айтди. Унга ҳам амалий ёрдамлар берилмоқда.
Ҳа, ҳоким ёрдамчиси ҳар дақиқадан оқилона фойдаланиб, хонадонларда бўлиб, энг аввало тадбиркорликни йўлга қўйишга ҳаракат қилаётган фуқаролар, шунингдек, ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш учун амалий чора-тадбирлар кўрмоқда.
Ҳоким ёрдамчиси маҳаллада истиқомат қилаётган аҳолининг оилавий тадбиркорлигини ривожлантириш, жумладан, уларнинг ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолиятини йўлга қўйиш учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар олишда кўмаклашишга киришди.
Ушбу маҳалладаги ҳар бир хонадоннинг ўз ҳовлисида томорқаси бор. Уларнинг айримларида иссиқхоналар барпо этилган.
Ҳоким ёрдамчиси маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилором Отаева билан бирга хонадонларда бўлганида кўпчилик ўз уйларидаги томорқаларида гулчиликни ривожлантиришни баҳор ойидан бошлашни режалаштираётганликларини таъкидлашди. Шунингдек, тез кунларда ҳунармандчилик билан яна 20 нафардан ортиқ киши шуғулланишини режалаштираётганлигини ҳоким ёрдамчиси ён дафтарига қайд этди.
“Шодлик” маҳалласи аҳолиси 6 100 нафарни, хўжаликлар сони 1097 тани ташкил қилади. Ушбу маҳаллада 32 та кўча бор. Ҳоким ёрдамчиси И.Йўлдошев ҳар куни эрталаб ўз фаолиятини маҳалладаги ушбу кўчалардан бошлайди. Аҳоли билан яқиндан мулоқотлар ўтказмоқда.
- Маҳаллада бўлган пайтимда муҳандислик-коммуникация тизимлари қандай ишлаётганлиги, кўчалардаги йўлларнинг аҳволи, тозалик, санитария-гигиена ҳолатларига ҳам алоҳида эътибор бермоқдаман, - дейди И.Йўлдошев. – Ушбу маҳалла аҳолисининг аҳилликда, ҳамжиҳатликда ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудни янада обод этиш, файзли қилиш борасидаги эзгу ишлари кун сайин ижобий самаралар бермоқда.
Ҳа, ҳоким ёрдамчилари Янги Ўзбекистон ислоҳотчиларидир. Улар ўз вазифаларини чуқур ҳис қилган ҳолда сидқидилдан, масъулият ва ғайрат-шижоат билан бажариб, ҳар куни эрталабдан маҳаллаларда ўз фаолиятларини юритмоқдалар.
Солияжон РАҲИМБЕРГАНОВА.